Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 7216 марта ўқилди

Меҳнатни муҳофаза қилиш меҳнат жараёнида инсоннинг хавфсизлигини, ҳаёти ва соғлиғи, иш қобилияти сақланишини таъминлашга доир ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация тадбирлари ва воситалари тизимидир.

Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши шарт.

Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар ушбу Кодексда, бошқа қонунчилик ҳужжатларида, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш масалаларига оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланади.

Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.

Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш), улардан фойдаланиш, машиналарни, механизмларни ва бошқа жиҳозларни конструкция қилиш, технологик жараёнларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этиш, шунингдек ўзга турдаги фаолиятни амалга ошириш чоғида юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши шарт.

Ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни муҳофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.

Меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар учун иш берувчи томонидан ажратиладиган маблағлар ва материаллар:
  • Меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирларни ўтказиш учун иш берувчи томонидан зарур маблағлар ва материаллар ажратилади. Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади. Мазкур маблағлар ва материаллардан фойдаланиш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга кўра иш берувчи томонидан белгиланади.
  • Меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирларни ўтказиш учун иш берувчи меҳнатни муҳофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли.
  • Ходимлар меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирлар ўтказилиши муносабати билан чиқимдор бўлмайди.
  • Меҳнат жамоалари, касаба уюшмаси қўмиталари меҳнатни муҳофаза қилишга оид тадбирларни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ва материаллардан фойдаланилишини назорат қилади.

Иш берувчи томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда у маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Chat